Сирдарё вилоятида инвестиция фаолияти янада ривожланади

Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигидаги ва тегишли идоралар ва тижорат банклари раҳбарияти таркибидаги ишчи гуруҳ Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши сабабли ҳудуд тадбиркорлари ва аҳолиси дуч келган муаммоларни ўрганиш учун Сирдарё вилоятида кенг қамровли ишларни олиб борди.

Саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, инфратузилма, турар-жой бинолари ва томорқа участкаларининг вайрон бўлишига олиб келган техноген ҳалокат тадбиркорлар ва экспортчиларга катта зарар етказди ва жабрланган ҳудудлар аҳолисини ҳозирги кунда иш ўринларидан ва пул топиш имкониятларидан маҳрум қилди.

Шу муносабат билан, ишчи гуруҳ раҳбарияти томонидан тадбиркорлар ва жабрланган ҳудудлар аҳолиси билан манзилли учрашувлар ўтказилиб, улар давомида мавжуд муаммолар муҳокама қилинди ва аҳолига ҳамда тадбиркорлик субъектларига фавқулодда ёрдам кўрсатиш, жумладан, саноат корхоналари ишини қайта тиклаш, мавжуд кредитлар бўйича қарзларни таркибий ўзгартириш, етказилган зарарни баҳолашни тезлаштириш ва суғурта полислари бўйича тўлов жараёнларини жадаллаштириш каби масалаларнинг ечимлари юзасидан таклифлар ва меҳанизмлар ишлаб чиқилди. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига юқорида қайд этилган масалаларда тезкор равишда ёрдам кўрсатиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Бундан олдин ишчи гуруҳ томонидан бир неча ҳафта ичида мазкур ҳудудларда мавжуд иқтисодий салоҳият ва фойдаланилмаган заҳираларни, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларнинг ғоялари ва таклифларини ўрганиш асосида чорвачилик, паррандачилик, терини қайта ишлаш, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа соҳаларда корхоналар, иссиқхоналар ташкил этилишини назарда тутувчи янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш бўйича иш олиб борилди. Асосий вазифа – маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш масаласини ҳал этиш имконини берадиган корхоналарни тезлик билан ишга тушириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш, шунингдек, касаначилик учун шарт-шароитлар яратиш.

Ихтисослаштирилган идоралар ва тижорат банклари томонидан умумий нархи 10,2 трлн сўмни ташкил этадиган жами 665 та инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди. Лойиҳаларнинг амалга оширилиши 22 732, шу жумладан, касаначилик асосида 2 065 янги иш ўринларини яратиш имконини беради. Ҳар бир лойиҳа учун ер майдонлари ажратилди, масъул ижрочилар бириктирилиб, молиялаштириш манбалари белгиланди. Барча лойиҳалар 2021 йил биринчи чорагининг охиригача амалга оширилади.

Бош прокуратура ёрдамида Ишчи гуруҳ фаолияти якунлари бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ижросини қатъий мониторинг ва назорат қилиш механизми яратилди.