- 27.04.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Тадбирлар, Янгиликлар

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари форумнинг ялпи мажлисида нутқ сўзлади.
Сессияда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаров, Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир, БМТ Бош котибининг ўринбосари Ольга Алгаерова, Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Сухайл ал-Мазруий, Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь, «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абдулла Абунайян ҳам қатнашади. Сессияга журналистика ва коммуникациялар соҳасида таниқли британиялик эксперт Жонатан Чарльз модераторлик қилди.
Умуман, тадбирда 70 мамлакатдан келган 2,5 мингга яқин ишбилармон доиралар ва банк-молия соҳаси вакиллари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг яқин дўстлари ва ишончли ҳамкорлари бўлган хорижий ҳукуматлар ва халқаро молия институтлари вакиллари ҳамда нуфузли компаниялар раҳбарлари билан ушбу форум доирасидаги учрашувлар яхши анъанага айланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
“Сизларнинг меҳмондўст диёримизга ташрифингизни юртимизга ҳурмат ва ислоҳотларимизга ишонч, деб қабул қиламиз”, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги янги имкониятларни санаб ўтди.
Ўзбекистон “яшил иқтисодиёт”га ўтиш йўлини қатъий давом эттиради.
Айниқса, “ACWA Power”, “Masdar”, “Total Eren” каби жаҳоннинг энг нуфузли компаниялари мамлакатимизда йирик қуёш ва шамол электр станциялари лойиҳаларини амалга оширмоқда. Шу йилнинг ўзида 2 минг мегаваттдан зиёд, кейинги йилда эса 8 минг мегаваттли қувватлар ишга тушади.
“Яшил иқтисодиёт” саноатнинг янги йўналишларини ҳам олиб келмоқда. Қуёш панеллари, шамол турбиналари, инвертор ва бошқа электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар барпо этилмоқда. Бу – инвесторлар учун 8 миллиард долларлик имконият, дегани.
Давлатимиз раҳбари сармоядорларни шу каби лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилди ва бунинг учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрлигини билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев ялпи мажлисдаги нутқини якунлар экан, Ўзбекистон бугунги форум барча учун янги-янги имкониятларни очиб беришига, иштирокчилар бўлиб ўтадиган мулоқотлар орқали Янги Ўзбекистондаги бизнес учун беқиёс имкониятларни кашф қилишига ишонч билдирди.
“Сизлар ўзингиз истаган тинчлик ва барқарорлик, қулай инвестиция муҳити ҳамда зарур кафолатларни айнан бизнинг юртимизда топасиз. Бунга мен Президент сифатида кафолат бераман.
Янги Ўзбекистон Сизнинг бизнес фаолиятингизда алоҳида ёрқин из қолдирадиган макон бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман”, – деди давлатимиз раҳбари ва форум ишида ўзаро манфаатли келишувларга эришилишини тилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котибининг Телеграмдаги расмий каналидан олинди