- 10.05.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Тадбирлар, Янгиликлар

Жорий йилнинг 5 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Франция Ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва чет элдаги фуқаролар ишлари бўйича делегат вазири Оливер Бешт раислигида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссиясининг 9 йиғилиши бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, ишбилармон доиралари вакиллари ҳам иштирок этди.
Йиғилишда савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳукуматлараро мулоқот доирасида товар айирбошлаш ҳажми ўсишининг ижобий тенденцияси қайд этилди. GSP+ бенефициари мақоми туфайли 2022 йилда Францияга юборилган экспорт қарийб 3,5 бараварга ўсди, жорий йилда эса ўзаро савдо ҳажми 3 баробар кўпайди. Шу билан бирга, икки томонлама савдони кенгайтириш ва диверсификация қилиш борасида мавжуд ресурсларни сафарбар этиш зарурлигига эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, савдо тўсиқларини бартараф этиш, савдо уйларини очиш, ўзаро кўргазма ва ярмаркалар ташкил этиш, икки томонлама савдони ривожлантириш бўйича ўрта муддатли дастурни тасдиқлаш юзасидан чора-тадбирлар кўриш таклиф этилди.

Тадбирда икки давлат иқтисодиётининг рақобатбардош устунликлари – Ўзбекистоннинг ресурслари, МДҲ, Европа Иттифоқи, Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имкониятлари, ривожланган инфратузилмаси ҳамда франсуз ҳамкорларининг илғор технологияларини, тажрибаси, инновацион маҳсулотлари ва хизматларини синхронлаштириш асосида саноат кооперациясини чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар энергетика ва сув хўжалиги соҳасида амалдаги келишувлар ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратдилар. “Total Eren”, “ЕDF”, “Voltalia” ва “SUEZ” компанияларининг Ўзбекистондаги фаолиятига юқори баҳо берилди ҳамда мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида “яшил энергетика”ни ривожлантириш ва сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш бўйича муносабатларни кенгайтиришга ўзаро қизиқиш билдирилди.
Йиғилиш кун тартиби доирасида банк-молия ва туризм соҳаларида ҳам шерикликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.