- 15.05.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Тадбирлар, Янгиликлар

30 апрелдаги референдумда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонуни 1-майдан кучга кирди, дея хабар бермоқда Марказий сайлов комиссияси.
Сурхондарё вилояти Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг биринчи ўринбосари С.Худойбердиев маъруза қилиб, ўз нутқида Ўзбекистон Республикасининг янгиланган таҳрирдаги Конституция лойиҳаси билан бошқарманинг шаҳар ва туман ходимларига таништириб, янгиланган Конституция тўғрисида тўхталди:
Янгиланган Конституция Ўзбекистон жамиятининг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат бўлиб, бу иш мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир дея таъкидлади.
– Янгиланган Конституциямиз лойиҳасини ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этди. Умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушган бўлса, уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди, десак тўғри бўлади. Жумладан, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилиб, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда.
Яъни, амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда. Шу боис, киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти, кўлами ва ҳажмидан келиб чиқиб, Конституциявий қонун лойиҳаси номи «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида» деб ўзгартирилди.
Шунингдек, Конституция 6 бўлим, 27 боб ва 155 та моддадан иборат. Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қилади.
Шу жумладан, янги Конституцияда Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминланиши бўйича қоида мустаҳкамланмоқда. Мазкур норма мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришга, инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлашга, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.