Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32 йиллик йиғилиши якунланди

Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 32 йиллик йиғилиши доирасида ташкил этилган тадбирлар якунланди. Бу йилги мавзу (Investing in Resilience) “Барқарорлик учун сармоя киритиш”, деб номланди дея хабар бермоқда.

Йиғилиш 70 дан ортиқ давлатидан 2 мингдан ортиқ иштирокчи – йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонлар, иқтисодиёт, инвестициялар, молия ва технология соҳаларидаги жаҳонга машҳур экспертларни, шунингдек, дунёдаги энг йирик оммавий ахборот воситаларининг журналистларини бирлаштирган йирик бизнес тадбирга айланди.

Ўзаро ишонч руҳида ўтказилган учрашувлар, юқори даражадаги ташкилий ишлар, тадбирларга бой дастур ишончли мулоқот, конструктив фикр алмашиш, янги алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун замин яратди.

Кун тартибида савдони осонлаштириш дастурлари, келажак шаҳарлари учун барқарор йечимлар, рақамли тўловларнинг молиявий ресурсларнинг оммабоплиги ва иқтисодий ривожланишга таъсири, Марказий Осиёда барқарор энергетика, агросаноат комплексини ривожлантириш, минтақада инсон капиталини юксалтириш, ЁТТБнинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги иштироки, Ўзбекистонда банкларни хусусийлаштириш ва муҳокама қилинадиган бошқа мавзуларни қамраб олди.

Панел мунозараларида сўзга чиққанлар Ўзбекистонда инвестициявий муҳитни тубдан яхшилаш, инвесторлар учун энг қулай шарт-шароит яратиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўламини ва юқори самарадорлигини таъкидладилар.

ЕТТБ президенти Одил Рено-Бассо таъкидлаганидек: “Марказий Осиё минтақаси Шарқ ва Ғарбни боғловчи Ипак йўлидаги асосий ҳудуд сифатидаги ўзининг анъанавий ролини қайта тикламоқда. Ўзбекистон бугунги кунда Банк учун асосий инвестициялар киритиш йўналишига айланган. Юқори даражадаги Йиллик йиғилишнинг Самарқандда ўтказилиши Банкнинг Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурига содиқлигини тасдиқлайди”.

ЕТТБ билан ҳамкорлик доирасида сўнгги 6 йил ичида Ўзбекистонга 3,9 миллиард евро сармоя киритилди, уларнинг 55 фоизи хусусий секторни қўллаб-қувватлашга тўғри келади. Умумий инвестицияларнинг 1,6 миллиард доллари “яшил иқтисодиёт”ни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Молиявий институтлар, саноат, савдо ва агробизнес ҳамда инфратузилмани ривожлантириш каби йўналишларда 128 лойиҳа амалга оширилди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистоннинг давлат, акциядорлик-тижорат ва хусусий ташкилотлари билан бир қатор инвестиция битимлари имзоланди.

Дунёдаги энг йирик халқаро молия институтларидан бири – ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг Йиллик йиғилишининг ўтказилиши халқаро бизнес ҳамжамиятининг мамлакатимизга, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилган қулай инвестициявий муҳитига ишончининг белгисидир.



Fikr bildirish