Венгрия билан сармоявий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Жорий йилнинг 26-27-июл кунлари Ўзбекистон делегациясининг Венгрияга ташрифи доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг (ҲК) 8-йиғилишида ва унинг доирасида ташкил этилган қўшма бизнес-форумда иштирок этди ҳамда қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказди.

ҲК йиғилишида тармоқлар кесимида икки томонлама ҳамкорликнинг жорий динамикаси батафсил таҳлил қилинди. Икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдираётгани таъкидланди ва шу нуқтаи назардан устувор соҳаларда ўзаро муносабатларнинг мавжуд салоҳияти ва имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича навбатдаги амалий тадбирлар ишлаб чиқилди.

Йиғилиш доирасида икки мамлакатнинг 200 дан ортиқ ишбилармон ва расмий доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ҳам бўлиб ўтди. Ўзбекистон томони инвесторларнинг қулай фаолият юритиши учун мамлакатда жорий этилган шарт-шароитларни тақдим этди ҳамда янги қўшма лойиҳа ва ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Венгрия ташқи ишлар вазири Петр Сийярто билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида венгрия томони Ўзбекистон билан дўстлик ва самарали икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли кўп қиррали муносабатлар тез суръатларда ривожланиб бораётганини юқори баҳолади.

Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат соҳаларида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар инвестиция жамғармасининг ишга туширилишини олқишладилар.

Томонлар мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни фаоллаштириш мақсадида Тошкент ва Будапешт шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, шунингдек, ўзаро сайёҳлик оқимининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши кутилаётган виза тартиб-таомилларини соддалаштиришга келишиб олдилар.

Бундан ташқари, ташриф доирасида Венгриянинг етакчи компаниялари: КЕШ, Гедеон Рихтер, Медитоп, Wизз Аир, Бонафарм, Малл Гроуп ва Семмелwеис Университй раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди ва улар давомида бир қатор аниқ келишувларга эришилди.

Ташриф якунида қайд этилганидек, Венгрия ва Ўзбекистон ҳукумати ва ишбилармон доираларининг аниқ амалий натижаларни қўлга киритишга интилаётгани эришилган келишувларни муваффақиятли амалга ошириш ва ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Венгрия шериклигини янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.



Fikr bildirish