Сурхондарёда Хитой компанияси 500 МВт лик шамол электр станцияси қуради


Урумчи шаҳридаги ташрифи давомида Сурхондарё вилояти делегацияси Хитой–Евроосиё ЭКСПО маҳсулотлар ва савдо кўргазмасида иштирок этди. Кўргазмада 40 дан ортиқ давлатларнинг 1 300 га яқин компания ва корхоналари ўз маҳсулотларини намойиш этмокда.

Хусусан, Сурхондарё вилояти учун ажратилган повильонда воҳада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ҳамда вилоятнинг иқтисодий, инвестицивий ва туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Форум доирасида делегация аъзолари кўргазмалар ва тақдимотлар билан танишиб, қатор келишувларга эришди ҳамда икки томонлама шартномалар, ҳужжатлар имзоланди.

Жумладан, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва “China-Asia Bizness Development Co Ltd” компанияси ўртасида Бойсун туманида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш бўйича меморандум ҳамда Термиз шаҳридаги “NR ENERGY” ва “XINGJIANG XIRALI INTERNATIONAL LOGISTICS Co Ltd” ўртасида кўмирдан синтетик газ олиш йўли билан соатига 100 МВт когенерация электр ишлаб чиқариш станцияси қуриш бўйича шартнома имзоланди.

Шунингдек, қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатиш фаолияти билан шуғулланувчи “CHN ENERGY INTERNATIONAL DEVELOPMENT Co Ltd” компанияси Сурхондарё вилоятида қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасига қизиқиш билдирди ва томонлар ўзаро фикр алмашишди.

 



Fikr bildirish