Тошкентда минтақавий ва халқаро савдо масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили томонидан “Савдо олами: тенденциялар ва динамика” номли минтақавий конференция ўтказилди.

АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлигининг (УСАИД) “Марказий Осиёда савдо муносабатлари” дастури доирасида ташкил этилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад халқаро савдони ривожлантиришнинг сўнгги тенденциялари, жаҳон савдоси барқарорлигини сақлаш ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ЖСТнинг ролини муҳокама қилиш бўлди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили Азиз Урунов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Шарлотта Адриан, ЖСТ Бош директори ўринбосари Сянчен Чжан, Берндаги Жаҳон савдо институти профессори Питер Ван Ден Бош, халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари, хусусий сектор, илмий доиралар, шунингдек, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатлар вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев йиғилганларга қутлов сўзи билан мурожаат қилар экан, жаҳон савдосининг асосий тенденциялари ва муаммоларини қайд этди, иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш учун халқаро савдо алоқаларини ривожлантириш, ва айниқса, Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёнини жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Минтақавий конференция давомида глобал савдодаги пандемиядан кейинги тенденциялар, ЖСТга янги аъзо бўлган мамлакатлар муаммолари ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ЖСТ қоидаларини жорий этиш муаммоларига бағишланган панел сессиялари бўлиб ўтди. Ушбу сессияларда экспертлар томонидан савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, “яшил” ва рақамли савдони ривожлантириш, ЖСТга аъзоликнинг афзалликлари ва асосий масалалари, қишлоқ хўжалиги соҳасида инновациялар, фитосанитария ва санитария стандартларини жорий этиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Конференция якунида ҳукуматлар, бизнес ва жамиятнинг халқаро савдодаги ривожланиш тенденциялари ва мавжуд муаммолари тўғрисида хабардорлигини ошириш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва Марказий Осиё минтақаси Осиё ва Европани боғлайдиган ноёб транзит марказ сифатида халқаро савдодаги ролини кучайтириш мақсадида бундай тадбирларни ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.



Fikr bildirish