- 12.11.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Янгиликлар

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Туркиянинг “Албайрак Ҳолдинг” компанияси Координатори Эрдал Налбант билан учрашув ўтказди.
Маълумот учун: Албайрак Ҳолдинг 1952 йилда ташкил топган. Унинг таркибига 127 та компания киради ва ходимлар сони 15 минг кишидан ошади. Холдинг қишлоқ хўжалиги, чиқиндиларни қайта ишлаш, қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика, машинасозлик, инфратузилмавий ривожланиш ва бошқа соҳаларда лойиҳаларни амалга оширади.
Томонлар рақамлаштириш, инфратузилма объектларини қуриш ва машинасозлик соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқдилар.
“Албайрак Ҳолдинг” координатори Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилган қулай сармоявий муҳитни юқори баҳолади. Бу, ўз навбатида, сармоявий доираларда мамлакатимизга ишончининг мустаҳкамланишига, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг ошишига, технологик инновацияларни жалб этилишига, янги қўшма корхоналар ташкил қилиниб, иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда.
Учрашувда Туркия инвестициявий ва саноат доиралари учун Марказий Осиё минтақасида сармоя киритишнинг қулай йўналишини танлаш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишда ўзига хос маёқ бўлган компаниянинг мамлакатимиздаги муваффақиятли фаолияти қайд этилди.
Хусусан, Ўзбекистон шаҳарларида “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлашнинг автоматлаштирилган фото ва видео қурилмаларини ўрнатиш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши кўриб чиқилди. Томонлар тизимни ўз вақтида ишга тушириш бўйича самарали чоралар кўриш зарурлигини таъкидладилар.
Конструктив фикр алмашиш чоғида лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва янги келишувлар бўйича ишларни бошлаш муддатлари белгилаб олинди.