- 01.12.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Янгиликлар

Жорий йилнинг 4 октябрь куни Россия Федерацияси Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон–Россия ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича III форуми” доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш, янги лойиҳалар бўйича музокаралар ўтказиш мақсадида куни-кеча Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегация мазкур мамлакатга жўнаб кетган эди.

Ташрифнинг биринчи куни Қозон шаҳрида Татаристон Республикаси расмий шахслари, чет давлатлар консулликлари ҳамда 150 дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари иштирокида Сурхондарё вилоятининг иқтисодий-инвестицион имкониятлари, туризм салоҳияти намойишига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.
Шунингдек, аввалги ташрифларда эришилган келишувлар доирасида лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, татаристонлик ишбилармон доира вакиллари билан Сурхондарё вилоятида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан икки ва кўп томонлама мулоқот ҳамда музокаралар ўтказилди.
Якунда умумий қиймати 200 млн долларлик келишувларга эришилиб, шартнома ва меморандумлар имзоланди.

Сурхондарё вилояти ҳокими ва Татаристон Республикаси Раисининг учрашуви бўлиб ўтди
Сурхондарё вилояти ва Татаристон Республикаси ҳудудлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини намойиш этиш, инвестиция ва туризмга оид тақдимотлар ўтказиш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегация ушбу мамлакатда бўлиб қайтди.
Бугун, ташрифнинг иккинчи куни вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Қозон шаҳрида Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов билан учрашди. Делегация аъзолари иштирокида кенгайтирилган тарзда музокаралар ўтказилиб, ҳудудлар ўртасида ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш, иқтисодий, инвестициявий ва туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда жорий йил 4 октабрдаги ташрифда имзоланган мемомрандум ва шартномалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида икки томонлама ва кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш, лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари келишиб олинди. Вилоятимиз раҳбари Рустам Миннихановни Сурхондарё вилоятига амалий ташриф билан боришга таклиф қилди.
