- 06.12.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Иқтисодий ва савдо ҳамкорлик бўйича Доимий қўмитасининг Истанбул (Туркия) шаҳрида бўлиб ўтган 39-йиғилишида иштирок этди. Тадбир ИҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо, молия, транспорт, алоқа, қишлоқ хўжалиги, туризм, камбағалликни қисқартириш ва рақамли трансформация каби соҳаларда шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилишга бағишланди.
Йиғилиш доирасида Лазиз Кудратов ИҲТга аъзо қатор давлатларнинг тегишли вазирликлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Хусусан, Покистон Савдо вазири Гоҳар Эжаз билан “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” уч томонлама учрашув баённомаси, савдо-саноат, молия, банк, транспорт-логистика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни амалга оширилиш ҳаракатлари муҳокама қилинди. 2022-йилда Имтиёзли савдо битимининг тузилиши Ўзбекистон-Покистон товар айирбошлаш ҳажмини 40% ошириш имконини берди, шу муносабат билан томонлар Эркин савдо битимини ишлаб чиқиш имкониятларини биргаликда ўрганишга келишиб олдилар.
Туркия Савдо вазири Омер Болат билан бўлиб ўтган учрашувда жорий йилнинг октабр ойида 2,6 миллиард долларга етган товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни кўриш мақсадида томонлар мувофиқлик сертификатларининг ўзаро тан олинишини тартибини ишлаб чиқиш ҳамда божхона тўловларини камайтириш мақсадида маҳсулотлар рўйхатини яратиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватладилар.
БАА Иқтисодиёт вазири Абдулла Ал-Мари билан логистика инфратузилмаси, банк ва суғурта, фонд бозорини ривожлантириш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик, дастурлаш ва маълумотларни қайта ишлаш каби соҳаларни қамраб олувчи қўшма “Йўл харитаси”ни тайёрлашни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди. Қайд этилишича, Ўзбекистонда сўнгги 5 йил ичида БАА капитали иштирокидаги корхоналар сони 2,5 баробар кўпайиб, 240тага етди. 2022-йилда БАА билан товар айирбошлаш ҳажми 500 миллион доллардан ошди. Шу муносабат билан, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида қўшма тадбирлар – ҲК йиғилиши ва бизнес-форумларни ўтказишни фаоллаштириш таклиф этилди.

Хорижлик ҳамкасблар билан музокаралар кун тартибида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутди. Томонлар транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, юк ташиш ҳажмини ошириш, транзит жараёнларини соддалаштириш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.
Учрашувлар якунида амалий ҳамкорлик ва амалдаги келишувлар ижросини тизимли мониторинг қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилган ҳолда кўп қиррали шерикликни янада чуқурлаштириш бўйича ўзаро тайёрлик билдирилди.