- 07.12.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Янгиликлар

Жорий йилнинг 5-декабрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев ва ва Беларус Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Леонид Зайцев ҳамраислигида Ўзбекистон Республикаси ва Беларус Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10-йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакат вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари, Савдо-саноат палаталари ҳамда молия институтлари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир давомида саноат кооперацияси, транспорт алоқаси, қишлоқ хўжалиги, ҳудудлараро шериклик, соғлиқни сақлаш, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорлик каби соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, савдо ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан конструктив фикр алмашиш доирасида Бир қатор инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини биргаликда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Шу йўналишда 2024-2025 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ва товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашнинг электрон тизимидан фойдаланиш тўғрисида битим ишлаб чиқиш бўйича режалар келишиб олинди. Томонлар, шунингдек, яқин келажакда Беларус ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳудудлараро форуми ҳамда Ўзбекистон-Беларус ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишиб олдилар.
Саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Қурилиш материаллари, фармацевтика маҳсулотлари, мебель, трикотаж ва чарм-мўйна маҳсулотлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, картошкачилик, чорвачилик, балиқчилик ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича қатор янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишни назарда тутган ҳолда иқтисодий ўсиш нуқталари белгиланди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Республикасида Беларус тиббиёт муассасаларининг иккита филиалини ташкил этиш, шунингдек, инновациялар билан алмашиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, дори воситаларини ўзаро етказиб бериш ва биргаликда ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳалар амалга ошириш, малака ошириш дастурларини жорий қилиш, олий ўқув юртлари ва соғлиқни сақлаш тизимининг ҳудудий бошқармаларида стажировка ва академик алмашинув курсларини татбиқ этиш бўйича келишувларга эришилди.
Йиғилиш якунида томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни изчил ривожлантиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар. Шунингдек, Ҳукуматлараро комиссияси 10-йиғилишининг якуний баённомаси ҳамда ўсимликлар карантини соҳасида ахборот тизимларини интеграциялаш тўғрисидаги баённома имзоланди.