- 13.08.2020
- Posted by:
- Category: Янгиликлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва Ташқи Савдо вазирлигининг ҳамкорликдаги “Ўзбекистонда савдо ривожланишига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва агрофирмаларнинг ишлаб-чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишга йўналтирилган техник ёрдам кўрсатиш мақсадида
БИЗНЕС ЛОЙИҲАЛАР ТАНЛОВИ ЭЪЛОН ҚИЛИНАДИ
Асосий мақсад
Мазкур танловнинг асосий мақсади айрим қишлоқ хўжалиги ва агро-қайта ишлаш қиймат занжирларида иштирок этувчи маҳаллий ишлаб-чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат.
Бизнес лойиҳаларни танлашда, асосан, ёшлар ва аёллар учун иш ўринларини яратишга, ички ва ташқи савдони ривожланишига, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришни такомиллаштиришга қаратилган ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишларига мос келадиган лойиҳа таклифлари афзалроқ ҳисобланади.
Танловда иштирок этиши мумкин бўлган хўжаликлар
Танлов қатнашчилари ўз бизнес лойиҳаларини таклиф этиш пайтигача давлат рўйхатидан ўтган, бир йилдан ортиқ фаолият юритиб келувчи, молиявий жиҳатдан барқарор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжалиги ёки агрофирма бўлиши лозим.
Мазкур танлов ҳамда унинг асосида техник ёрдам кўрсатиш ишлари Ўзбекистон Республикасининг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудида амалга оширилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, танлов қатнашчилари ушбу вилоятларда жойлашган (рўйхатдан ўтган) бўлишлари керак.
Таклиф этиладиган бизнес лойиҳалар йўналишлари
Қуйидаги қиймат занжирлари доирасида маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга ихтисослашган танлов иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш ва уларни рақобатбардошлигини ошириш кўзда тутилган:
- ёнғоқ ва қуритилган мевалар, уларнинг аралашмаси;
- қуритилган сабзавотлар ва сабзавот аралашмалари;
- мош;
- ер ёнғоқ ва ер ёнғоқ ёғи;
- мураббо, жем, желе, мева пюреси.
Лойиҳа таклифлари маҳсулотни ишлаб чиқариш, уни қайта ишлаш, сақлаш, маҳсулот сифатини оширишга ва экспортга (ички ва ташқи бозорларга) қаратилган бўлиши лозим. Лойиҳа таклифлари ташаббускорларнинг асосий амалдаги йўналиши билан мос келиши керак.
Бизнес лойиҳаларни молиялаштириш
Танлаб олинган ҳар бир бизнес лойиҳа учун кўрсатиладиган техник ёрдам миқдори 30 000 (ўттиз минг) АҚШ долларигача бўлади.
БМТТД томонидан кўрсатиладиган техник ёрдам бизнес лойиҳада амалга оширилиши режалаштирилган фаолият учун ишлаб чиқариш ускуналари ва техникалари сотиб олиб бериш орқали амалга оширилади.
Нақд пул кўринишида, айланма маблағларни шакллантириш учун, қурилиш ишлари учун, қурилиш материаллари учун, хом-ашё ва материаллар сотиб олиш учун маблағ ажратилмайди.
Таклиф этиладиган бизнес лойиҳалар шериклик асосида молиялаштириш орқали амалга оширилади. Яъни, бизнес лойиҳалар ташаббускорлари ҳам ўзлари таклиф этаётган лойиҳаларини амалга оширилишини молиялаштиришда иштирок этишлари лозим. Бизнес лойиҳа ташаббускорининг молиялаштиришдаги улуши бизнес лойиҳа умумий суммасининг энг камида 40% ини (қирқ фоизини) ташкил этиши лозим.
Ташаббускорларнинг лойиҳани амалга ошириш учун қўшадиган улушлари лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўладиган биноларни тайёрлаш ва жихозлаш, қўшимча ускуна ва дастгоҳларни сотиб олиш, айланма маблағлари ва бошқа шу каби воситалар кўринишида бўлиши мумкин.
Танловни ўтказиш тартиби ва муддатлари
Танловда иштирок этиш истагини билдирган ҳар бир иштирокчи амалга оширилиши мумкин бўлган БИЗНЕС ЛОЙИҲА таклифлари бўйича дастлабки СЎРОВНОМАни тўлдиришлари лозим (шакл илова қилинади). Сўнгра, тайёр бўлган СЎРОВНОМАни БМТТД “Ўзбекистонда савдо ривожланишига кўмаклашиш” лойиҳасининг Қарши ёки Тошкент шахридаги вакилларига бевосита тақдим этишлари ёки ҳозирда карантин чекловлари давом этаётганлигини инобатга олган ҳолда барча СЎРОВНОМАлар сканер қилиниб, интернет орқали (электрон почта ёки телеграмм иловаси орқали) топширилиши мумкин.
Бизнес лойиҳалар юқорида айтиб ўтилган барча минимал талабларга мос келган тақдирдагина расман қабул қилинган хисобланади.
Мурожаат учун Тел.: +998 93 501-59-89, электрон манзил: botir.toshniyozov@undp.org; Телеграмм орқали мурожаат учун рақам: +998 90 722-00-10 (Тошниёзов Ботир – компонент менежери).
СЎРОВНОМАЛАР қабул қилингандан сўнг БМТТД “Ўзбекистонда савдо ривожланишига кўмаклашиш” лойиҳаси вакиллари қўшимча маълумотлар ва хужжатлар учун лойиҳа ташаббускорларига мурожаат қилишади. Шунингдек, Лойиҳа вакиллари томонидан, таклиф этилган бизнес лойиҳанинг реал холатини, мавжуд имкониятлари ва шароитларини ўрганиш мақсадида ташаббускорларнинг жойларига бориб ўрганиш ишлари амалга оширилади. Жойларга бориб ўрганиш ишлари танловга тақдим этилган ва иштирокчилар учун белгиланган минимал талабларга жавоб берадиган барча лойиҳалар бўйича амалга оширилади.
Бизнес лойиҳа ташаббускорлари томонидан тақдим этилган СЎРОВНОМАЛАР махсус ташкил этилган вилоят “Танлов комиссияси” томонидан кўриб чиқилади ва танлов учун ишлаб чиқилган “Бизнес лойиҳаларни бахолаш меъзонлари” асосида бахоланади. Энг яхши деб топилган ва энг юқори балл тўплаган лойиҳа таклифлари Комиссия томонидан молиялаштиришга тавсия қилинади. Фақат ғолиб бўлган лойиҳалар ташаббускорларига танлов натижалари ҳақида расман хабар берилади ва ушбу лойихаларни амалга ошириш учун Бизнес-режа ишлаб чиқиш тавсия этилади.
Мазкур эълон Ўзбекистон савдо-саноат палатаси сайтида расман эълон қилинган кундан бошлаб 1 ой (30 кун) давомида лойиҳа таклифлари танловда иштирок этиш учун қабул қилинади.