Экспортёрлар фаолияти қўллаб-қувватланади, Ангорда “Экспортёрларга кўмаклашиш маркази” ташкил этилади.

Жорий йилнинг 16 май куни навбатдаги Инвестиция хафталиги доирасида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Ангор тумани “Баҳор” маҳалласида вилоятда фаолият юритувчи экспортёр корхоналар раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида экспортёрларнинг фаолиятида дуч келаётган муаммолар, уларнинг фаолиятларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ангор туманида 21 та экспортёр корхоналар фаолият юритиб келмоқда. Ҳудудда етиштирилган маҳсулотларни ҳар йили хорижий давлатларга эрта баҳордан экспорт қилиш ишлари қизғин бошланади ва бутун мавсум давом этади. Бу эса экспортёрлар учун шароитлар яратиш заруриятини юзага келтирмоқда.

Вилоят ҳокими учрашув давомида соҳа масъуллари ва туман мутасаддиларига бир ой муддатда “Баҳор” маҳалласи ҳудудида зарур шароитларга эга “Экспортёрларни қўллаб-қувватлаш маркази” ташкил этиш топшириғини берди. Марказда экспортёрлар учун барча шароитлар, жумладан, овқатланиш, ювиниш, дам олиш жойлари ташкил этиш ва ҳужжатлар расмийлаштируви билан боғлиқ мутасадди ташкилотлар вакилларининг марказда фаолият юритишини таъминлаш орқали вақт сарфини камайтириш топширилди.

Шунингдек, шу ерда ташкил этилган, маҳаллада етиштирилаётган ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар кўргазмасида маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси томонидан яратилган помидорнинг янги нави билан танишилди. Бошқа навларга нисбатан касаллик ва сувсизликка чидамли бўлган ушбу навга вилоят ҳокими “Ҳамид” номини беришни таклиф қилди.



Fikr bildirish