- 04.08.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Янгиликлар

Жорий йилнинг 27-июл куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Хитойнинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Елчиси Ю Жун билан музокаралар ўтказди. Томонлар давлат раҳбарининг жорий йил май ойида Хитойга ташрифи чоғида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ қилиш, шунингдек, икки томонлама савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда ўзаро савдони ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди, унинг ҳажми 2022-йилда 8,92 миллиард долларни, 2023-йилнинг биринчи ярмида эса 5,6 миллиард долларни ташкил этди. Бошқа чоралар билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига ушбу кўрсаткичларнинг янада ўсишини таъминлаш мақсадида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялар ҳажмининг ўсиш динамикаси сўнгги йилларда 5 баробар ортиб, 2022-йилда 2,2 миллиард долларга етгани мамнуният билан қайд этилди. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони уч баробарга ошди. Инвестициялар соҳасида ҳамкорлик ва саноат кооперацияси кўламини кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Мулоқот чоғида энергетика, кимё саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва транспорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни жорий этишнинг ҳозирги ҳолати, ХХР ҳукуматининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни маромига етказиш учун молиявий ва техник ёрдамини кенгайтириш имкониятлари, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлашни жадаллаштириш ва янги истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқиш борасида келгусида ҳамкорлик қилишнинг ташкилий масалалари ишлаб чиқилди.