- 13.08.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Янгиликлар

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Елчиси Такаши Хатори билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди, Ўзбекистоннинг устувор тармоқларда лойиҳаларни амалга ошираётган Япония капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сонининг ўсиш динамикасига юқори баҳо берилди.
Ўзбекистонда фармацевтика, тўқимачилик, таълим, машинасозлик ва бошқа соҳаларда янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Япониянинг йетакчи компанияларининг технологиялари, менежменти ва инновацияларини жалб этиш борасидаги механизмлар ва қўшма ҳаракатлар атрофлича муҳокама қилинди. Япония ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида ҳар ойда Давра суҳбатлари ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар, шунингдек, мамлакатимизда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун Япония ҳукуматининг молиявий ва техник ёрдамини кенгайтириш имкониятларини ҳам муҳокама қилдилар. Такаши Хатори амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида ҳам, янги ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш мақсадида ҳам фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг 2025 йилда Осака шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон кўргазмасида иштирок этишига тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар муваффақиятли ҳамкорликни янада ривожлантиришга ўзаро содиқлигини билдирдилар ва мавжуд келишувларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида биргаликдаги ҳаракатлар форматини ишлаб чиқдилар.