- 15.08.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Инвестиция куни, Тадбирлар, Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг (23.06.2023 й, 01-74-703-сонли хат) “Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги тизимида Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ишларини йўлга қўйиш бўйича Тарғибот дастури”нинг 2-банди ижроси юзасидан:
Сурхондарё вилояти Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасида “Конституциявий ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамияти: Янги Ўзбекистон – янгиланган Конституция” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси ҳодимлари иштирок этди.
Давра суҳбатини вилоят Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Самандар Худойбердиев кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар ҳақида маълумот берди:

– Янгиланган Конституция Ўзбекистон жамиятининг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат бўлиб, бу иш мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир дея таъкидлади.
Янги Конституция умумхалқ муҳокамасига қўйилган даврида дастлаб 150 минг таклиф, кейинчалик муҳокамалар давом эттирилгани натижасида 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди. Таклифларнинг 70 фоизи ёшлар томонидан тақдим этилган. Яъни, Конституция лойиҳаси матни бир гуруҳ олим, мутахассислар томонидан эмас, балки халқнинг, кенг жамоатчиликнинг таклифи ва фикри асосида ишлаб чиқилди. Конституциявий ислоҳотларнинг дастлабки икки босқичида халқнинг фикри, таклифлари ўрганилди. Умумхалқ муҳокамаси асосида Бош қомус лойиҳаси тайёрлангани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради, – деди С.Худойбердиев.
Шундан сўнг, давра суҳбатида вилоят Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Отабек Мавлянов маъруза қилиб, Конституциявий ислоҳотларнинг бориши хусусида батафсил маълумот берди:

– Бош қомусимизга ўзгартиришлар киритиш жараёни ўзгача сиёсий муҳитда, яъни халқимизнинг сиёсий онги, фаоллиги, ҳуқуқий маданияти жамиятда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларга монанд равишда ўсиб бораётган, давлат ва жамият бошқарувида очиқлик тамойиллари таъминланаётган бир даврда ўтмоқда. Конституциявий қонун лойиҳаси турли экспертизалардан, жумладан лингвистик, юридик, гендер-ҳуқуқий, коррупсияга қарши, жамоатчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги бўйича экспертизалардан ўтказилди. Парламент томонидан жорий йилнинг 30-апрел санасида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаси – референдум ўтказилганлигини таъкидлади.
Яъни, амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланди. Шу боис, киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти, кўлами ва ҳажмидан келиб чиқиб, Конституциявий қонун лойиҳаси номи «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида» деб ўзгартирилди.
Шунингдек, Конституция 6 бўлим, 27 боб ва 155 та моддадан иборат. Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қилади.
Шу жумладан, Янги Конституцияда Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминланиши бўйича қоида мустаҳкамланмоқда. Мазкур норма мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришга, инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлашга, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилиши ҳақида маълумот берилди. Давра суҳбати иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.