Сурхондарё вилояти делегацияси Хитойда

Сурхондарё вилояти ва Хитой Халқ Республикаси ҳудудлари (Пекин шаҳри, Хэйлунцзян, Урумчи провинциялари) билан ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини намойиш этиш, инвестиция ва туризмга оид тақдимотлар ўтказиш мақсадида вилоят делегацияси Хитой давлатига етиб борди.

Делегация таркибидан, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, ҳокимлар ҳамда йигирмадан ортиқ воҳалик салоҳиятли ишбилармон ва тадбиркорлар ўрин олишган.

Шунингдек, вилоят делегацияси таркибида вилоят Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи С.Худойбердиев ва бўлим бошлиғи М.Панжиевлар ҳам айни пайтда Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.

Ташриф давомида қатор расмий учрашувлар, ҳудудлар билан инвестициялар, саноат, савдо ва туризм ҳамкорлиги истиқболларига бағишланган Форумларда қатнашиш, ишбилармон доира вакиллари ва салоҳиятли компаниялар билан “B2B” ва “G2B” форматдаги учрашувлар ўтказиш, йирик корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиш, маҳсулотлар ва савдо кўргазмасида иштирок этиш режалаштирилган.

Сурхондарё вилояти ва Хэйлунцзян провинцияси ўртасида ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилади

Вилоят делегациясининг биринчи манзили Хэйлунцзян провинцияси Харбин шаҳри бўлди.

Бугун куннинг иккинчи ярмида Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Орипов бошчилигидаги делегациянинг Хэйлунцзян провинцияси губернатори ўринбосари Юй Цзянь билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Сурхондарё ва Хэйлунцзян ўртасида ҳамкорлик йуналишлари муҳокама қилинди. Якунда қишлоқ хўжалиги, кончилик, чорвачилик, саноат, туризм ҳамда икки томонлама савдо йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш, ҳудудлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш, биргаликда сармоявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Маълумот учун, Хэйлунцзян провинцияси майдони 454,8 минг квадрат километр, аҳолиси 30,9 млн киши. ЯММ 224 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Жорий йил биринчи ярмида ташқи савдо айланмаси 20,8 млрд АҚШ долларига етган. Провинция ривожланган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатига эга бўлиб, ҳудудда Хитойдаги энг йирик гуруч, соя ҳамда маккажўхори плантациялари жойлашган.

Сурхондарё вилояти делегациясининг Хитой давлатига ташрифи жорий йил 15 августдан 18 августга қадар давом этади.



Fikr bildirish