- 26.08.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи арафасида Боку шаҳрида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, 250 дан ортиқ етакчи компаниялари вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов ҳамраислик қилди.
Спикерлар иштирокчиларга мурожаат қилар экан, икки давлат раҳбарларининг ишончли ва дўстона муносабатлари туфайли Ўзбекистон-Озарбайжон шерикчилиги жадал, изчил мустаҳкамланиб бораётганлигини ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг ривожланиши сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганлигини таъкидладилар.
Хусусан, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2022-йилда 6 баробарга, жорий йил бошидан эса яна 40 фоизга ошди. Икки давлат раҳбарлари томонидан бошқа чоралар билан бир қаторда фармацевтика ва нефт-кимё маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, полимерлар ва тоғ-кон саноати маҳсулотларини ўзаро йетказиб беришни кўпайтириш ҳисобига яқин йилларда бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилганлиги таъкидланди.
Саноат кооперацияси ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши сифатида тилга олинди. Бир мисол – кейинги йилларда қўшма корхоналар сони тўрт баравар кўпайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 200 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
Айни пайтда автомобил ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Озарбайжонда пахта-тўқимачилик ва ипакчилик кластерларини ташкил қилиш, Ўзбекистонда қурилиш материаллари ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш бўйича бир қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёни бошлаб юборилган.
Шу билан бирга, энергетика, металлургия, шаҳарсозлик, фармацевтика, электротехника, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, шунингдек, нефт ва газ саноати ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди. Ўзбекистон-Озарбайжон инвестициявий компанияси кўмагида металл буюмлар, фармацевтика маҳсулотлари, маиший техника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Ўзбекистон томони мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни алоҳида таъкидлади. Мисол сифатида эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, лойиҳаларни ишлаб чиқишнинг кенг қамровли экотизимини яратиш, уларни молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш ҳамда ишбилармонлар ва инвесторлар учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган бошқа самарали дастурлар келтирилди.
Сўзга чиққанлар икки давлат тадбиркорларини фаол ҳамкорлик қилишга чақирди. Шу нуқтаи назардан, бизнес-форум доирасида ташкил этилган Б2Б ва Г2Б учрашувлари алоқаларни ривожлантиришга катта қизиқиш борлигини яққол намоён қилди. Улар доирасида иштирокчилар ўзилари амалга оширган лойиҳаларни тақдим этиш, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва форматларини батафсил муҳокама қилиш, янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун ўзаро ташрифларни режалаштириш имконига эга бўлди.
Форум якунлари бўйича нефт ва газ, кимё ва тоғ-кон саноатлари, фармацевтика маҳсулотлари ва маиший техникани ишлаб чиқариш соҳаларида йирик савдо шартномалари ва инвестиция битимлари имзоланди.