- 07.09.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Янгиликлар

Жорий йилнинг 7 сентабр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Бош вазирлари ўринбосарларининг навбатдаги 5 учрашуви бўлиб ўтди дея хабар бермоқда.
Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев ва Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Чху Кюнг Хо ҳамраислик қилди.
Суҳбат чоғида кун тартибидаги асосий масалалар, жумладан, жорий қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари юзасидан конструктив фикр алмашилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмларининг ўсишида ва Корея инвестицияларини жалб қилишда барқарор ижобий тенденсия кузатилаётгани қайд этилди. Хусусан, 2023-йил бошидан буён Ўзбекистоннинг Кореяга экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга кўпайди, Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган тўғридан-тўғри Корея инвестицияларининг умумий ҳажми эса 7 миллиард доллардан ошди. Томонлар савдо-иқтисодий, молиявий-техник ҳамкорликни, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашда муносабатларни янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўришга қатъий содиқликларини билдирдилар.
Молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, ЭДCФ Жамғармаси билан биргаликда амалга оширилаётган Фармацевтика ва Тиббиёт кластерларини яратиш каби лойиҳаларнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди. Тегишли қўшма “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Бундан ташқари, Кореянинг КОИКА халқаро ҳамкорлик агентлиги билан биргаликда олиб борилган ишлар самарадорлиги қайд этилди. Агентлик кўмагида Ўзбекистонда умумий қиймати 141 миллион долларлик 33 та лойиҳа амалга оширилган ва ўзбекистонлик мутахассислар учун Кореяда 2 мингдан ортиқ малака ошириш курслари ташкил этилган.
Томонлар кун тартибидаги бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.