Хитой делегацияси билан учрашув ўтказилди

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда хориж сармоядорлари учун қулай ишбилармонлик муҳити шаклланиб, Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги дўстона алоқаларнинг янги босқичда ривожланаётгани тўғридан – тўғри хориж инвестицияларини жалб этишга қулай имконият яратди.

Жорий йилнинг 10 сентябрь Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманидаги “Термиз халқаро савдо маркази”да Янг Янг бошчилигидаги Хитой Халқ Республикасининг ишбилармон доира вакилларидан иборат делегацияни қабул қилди.

Сурхондарё вилояти иқтисодиёти тармоқларида ҳам бошқа ривожланган давлатлар қатори Хитойнинг тўғридан тўғри инвестицияларидан фойдаланилмоқда. Бунга нефт-газ, кимё, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва бошқа тармоқларда амалга оширилаётган ишлар яққол далилдир. Ўтган йили барча соҳаларда хитойлик ҳамкорлар билан 102,5 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 31 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилди.

Хитой делегацияси билан ўтказилган музокаралар давомида қатор инвестициявий лойиҳаларни йўлга қўйиш, хусусан, маиший техника ва қозонхоналар ишлаб чиқариш, йўл қурилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ерлар деградацияси ва чўлланишини олдини олиш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишиб олинди.

Шунингдек, қатор компания вакиллари билан Сурхондарё вилоятининг Хитойга ташрифида эришилган келишувларни амалга ошириш масаласида ҳам суҳбатлашилди.



Fikr bildirish