- 15.09.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Янгиликлар

Германия Савдо-саноат палатаси бошқаруви аъзоси доктор Фолкер Трайер бошчилигидаги Германия делегациясининг юртимизга ташрифи доирасида жорий йилнинг 14-сентябр куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни”га бағишлаб, Ўзбекистон-Германия ўртасидаги савдо- иқтисодий, инвестициявий ҳамда саноат кооперациясини ривожлантиришга доир бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди дея хабар бермоқда.
Тадбирларга бой дастур давра суҳбати билан бошланди. Ушбу тадбир давомида икки томонлама ҳамкорлик масалалари ва истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Абидов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Жамшед Ураков, Германия Савдо-саноат палатаси ташқи савдо бўйича бош ижрочи директори, бошқаруви кенгаш аъзоси Фолкер Трайер, Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш федерал вазирлигининг ташқи савдони молиялаштириш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Герлинд Хекман, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори Мурод Мирзаев ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тило Клиннер кириш сўзи билан очди.
Ўз қутлов нутқида спикерлар Ўзбекистон Германияни Европа Иттифоқининг стратегик ҳамкори деб билиши ҳамда бугунги кунда иккала томон ҳам ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, янги истиқболли ташаббусларни илгари суриш орқали икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Маълумот учун: сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонга киритилган Германия инвестицияларининг умумий ҳажми қарийб 2 миллиард еврони ташкил этди. Шунингдек, ҳозирги пайтда Германия ҳамкорлари билан бирга қиймати 100 миллиарддан ортиқ бўлган 10 дан кўпроқ қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Сўнгги 6 йил ичида Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони қарийб 3 баробар ўсди ва бугунги кунда бу кўрсаткич 200 тага этди. Жорий йилнинг 6 ойи давомида 17 та қўшма корхона ишга туширилди.
Давра суҳбатидан сўнг B2B форматидаги учрашувлар ва “Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни 2023” конференцияси ташкил қилинди.
Конференцияда Германия ва Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятининг 300дан ортиқ вакиллари, инвесторлар, шунингдек, Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ва мутахассислари қатнашдилар.
Конференсия дастурига “Ўзбекистонда немис дуал таълим тизими: имкониятлар ва истиқболлар” ва “Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги энергетика соҳасини ўзгартириш борасида ҳамкорлик” мавзуларидаги панел мунозаралари киритилди.
Конференсия иштирокчилари таъкидлашича бу каби йирик халқаро тадбирлар ишбилармонлик алоқаларини яна-да кенгайтириш, икки томонлама савдони ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва ташаббусларини илгари суриш истиқболлари ва имкониятларини аниқлаш, умуман, ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнайди.