Сенат: Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида 2 минг 272 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21 апрелдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ёшлар тадбиркорлиги ривожлантирилмоқда ЎзА. 

Шу асосда 210 та Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилди. Мазкур зоналарнинг 299,9 гектар ер майдонида ҳамда 5 минг 800 квадрат метр бино ва иншоотларда 2 минг 272 инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Натижада қиймати 2,1 триллион сўмлик 911 лойиҳа доирасида 21 минг 589 янги иш ўрни яратилди.

Бу Олий Мажлис Сенати кенгашининг мажлисида қайд этилди.

Мажлисда ушбу йўналишда Андижон, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида олиб борилаётган ишлар натижалари муҳокама қилинди.

Сенаторлар Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор ечимини кутаётган масалаларга алоҳида тўхталди.

Жумладан, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонунда мазкур тузилма фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳамда Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари мақоми аниқ белгиланмаган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги номувофиқликлар эса амалиётда муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Ўрганишлар натижасида бугунги кунга қадар фаолияти йўлга қўйилмаган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари мавжудлиги аниқланди. Хусусан, Андижон вилоятининг Олтинкўл ва Пахтаобод туманларида тузилма фаолияти йўлга қўйилмаган бўлса, Тошкент вилоятининг Бекобод, Паркент, Тошкент, Ўрта Чирчиқ туманларида уни ташкил қилиш учун ер майдони ажратилмаган. 2021-2023 йиллар мобайнида Тошкент вилоятида бу борада бор-йўғи иккита лойиҳа ишга тушган бўлса, Тошкент шаҳрида бирорта ҳам лойиҳа амалга оширилмаган.

Лойиҳани амалга ошириш чораларини кўрмаган тадбиркорлик субъектидан ер майдони ёки ишлаб чиқариш майдонларини қайтариб олиш тартиби мавжуд эмаслиги ҳам бошқарув самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, турли чалкашликлар ва қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудида ер ва бино-иншоот муносабатларини тартибга солиш, шу жумладан, уларни хусусийлаштириш масалалари бўйича Ҳукумат қарори ҳамон қабул қилинмаган.

Мажлисда махсус иқтисодий зоналар фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги таркибида алоҳида ягона тузилма – вертикал бошқарув тизимини ташкил қилиш масаласини кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

Маҳаллий кенгашлар депутатларига зоналарни инфратузилма билан таъминлаш учун давлат бюджетидан ҳамда маҳаллий бюджетдан йўналтирилиши белгиланган маблағлар ўз вақтида ажратилиши, шунингдек, мақсадли сарфланишини қатъий назоратга олиш тавсия этилди.



Fikr bildirish