Лазиз Кудратов Ўзбекистон-Франция бизнес форумида иштирок этди

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Франция бизнес-форумида иштирок этди.

Тадбирда, шунингдек, икки давлатнинг вазирлик ва идоралари, дипломатик ваколатхоналари, тармоқ бирлашмалари, банклар раҳбарлари, экспертлар ҳамжамияти вакиллари ҳамда 150 дан ортиқ йирик компаниялар раҳбарлари қатнашди.

Лазиз Кудратов тармоқлараро ривожланиш масалаларига бағишланган панел сессиясида қутлов сўзи билан чиқар экан, ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий муносабатлар сезиларли фаоллашганини таъкидлади – ўтган йилнинг ноябрь ойида Францияга олий даражадаги ташриф чоғида умумий қиймати 6 миллиард евролик инвестиция шартномалари имзоланди, ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилиши, шунингдек, MEDEF International компанияси бизнес-форум ўтказилди.

Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳитининг асосий жиҳатлари, жумладан, солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференциялари, фаолиятларнинг 100 дан ортиқ турини лицензиялаш ва рухсат беришни бекор қилиш, рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш, инвесторлар ҳуқуқларини қонун билан ҳимоя қилиш кабилар тақдим этилди.

Йирик минтақавий ва халқаро бозорлар, жумладан, GSP+ бенефисиар мақоми, кадрлар салоҳияти ва табиий ресурсларнинг захиралари, кўп тармоқли транспорт йўлаклари, саноат корхоналарини яратиш ва экспорт қилиш учун ривожланган инфратузилма мавжудлиги, ва энг муҳими, – истиқболли лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш учун ҳукуматнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимиз томонидан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2017 йилга нисбатан 3 баробар ошиб, 8,6 миллиард долларни ташкил этди.

Муҳокама давомида савол-жавоб ҳамда “B2B” ва “B2G” форматидаги учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Унда ишбилармон доиралар вакиллари Ўзбекистонда инвестиция фаолиятини амалга ошириш, ўзаро манфаатли ташаббусларни муҳокама қилиш ва манфаатларнинг кесишиш нуқталарини аниқлаш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларни беришди.



Fikr bildirish