GSP+ тизими мақоми Ўзбекистон учун нимани англатади?

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири мамлакатни жаҳоннинг иқтисодий ривожланган давлатларидан бирига айлантиришдир. Бу жараённинг асосий омили сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва жаҳоннинг етакчи бозорларига экспорт қилиш ҳисобланади. Экспорт ҳажмини оширишда турли савдо тизимларидан фойдаланиш катта аҳамиятга эга, улардан бири GSP+ имтиёзлар тизими шулар жумласига киради.

Ўзбекистон 2021 йил 10 апрелдан GSP+ имтиёзлар тизимининг бенефисиари ҳисобланади.

GSP+ бенефициари сифатида Ўзбекистон GSP билан қамраб олинган маҳсулот турларининг учдан икки қисмига тарифларнинг тўлиқ бекор қилиниши ҳисобига стандарт GSPга нисбатан қўшимча иқтисодий фойда олиш имкониятига эга, бу эса, ўз навбатида, экспорт ҳажмининг ўсишига ва ва мамлакатга қўшимча инвестициялар жалб қилишга хизмат қилади. Барқарор ривожланиш соҳасидаги GSP+ мажбуриятлари Ўзбекистоннинг ишончли иқтисодий ҳамкор сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.

500 миллиондан ортиқ аҳолига эга Европа Иттифоқи дунёдаги энг йирик бозорлардан биридир. Масалан, Европа тўқимачилик саноати маҳсулотларининг бозори 98 миллиард доллар, чарм-пойабзал буюмлари – 24 миллиард, қишлоқ хўжалиги саноати – 24 миллиард долларни ташкил этади.

Ўзбекистонда GSP имтиёзларидан фойдаланиш даражаси ҳозирда анча юқори. Энг кўп имтиёзлардан фойдаланадиган ишлаб чиқариш сегментлари тўқимачилик ва тайёр кийим маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, мевалар, ёнғоқлар ва сабзавотлардир. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон экспорт таркиби минтақадаги бошқа мамлакатларга нисбатан анча хилма-хил эканлигидан далолат беради.

Натижада товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошгани қайд этилмоқда: агар 2016 йилда Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1,98 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич икки бараварга ошиб 4,5 миллиард долларга етди ва ўсишда давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг GSP+ бенефициари мақоми берилиши ҳаётимизнинг барча жабҳаларида, жумладан, ишбилармонлик муҳити, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, меҳнат шароитларини яхшилаш, бошқарув самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасини кўрсатади.

GSP+ имтиёзлар тизимининг бенефисиар мақоми Ўзбекистон ва Европа бизнеси вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш имкониятини яратади. Яна бир ижобий жиҳати – аҳоли фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатилаётганлиги, чунки савдо алоқаларининг чуқурлашиши мамлакатимизда ишбилармонликни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.



Fikr bildirish