- 13.11.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Янгиликлар

Аъзо давлатлар бизнес соҳаси етакчилари Тошкентга йиғилган
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти давлатлари раҳбарларининг 16-саммити бошланиш арафасида. Пойтахтимизда мазкур анжуман доирасида тузилманинг бешинчи бизнес-учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Дастурга мувофиқ, айни пайт аъзо давлатлар савдо-саноат палаталари раҳбарлари, иқтисодий кенгашлар раислари бирин-кетин сўзга чиқиб, ташкилот фаолияти доирасида амалга оширилган ишлар, ўз мамлакатлари иқтисодий ҳолати, икки ва кўп томонлама ҳамкорлик натижаларига алоҳида тўхталмоқда.

ИҲТ доирасида бизнес, товар айирбошлаш, инвестиция жалб этиш бўйича статистика қандай?
Бугунги кунда ташкилотга ўнта давлат – Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо.
Мамлакатимизнинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, 2021 йил мамлакатимизнинг тузилма таркибидаги мамлакатлар билан товар айланмаси 35,1 фоиз ўсиб, 11,2 миллиард долларга етган.

2022 йил ўсиш тенденцияси давом этди ва маҳсулот айирбошлаш кўрсаткичи 10,4 фоиз ўсиб, 12,4 миллиард долларни ташкил қилди.
Республика ташқи савдосида ИҲТ улуши 24,7 фоиз. Эътиборли жиҳати, 5,75 миллиард долларлик экспорт ҳажми 2021 йилга нисбатан 6,3 фоиз юқори. Импорт эса 6,62 миллиард доллар – 14,3 фоиз ўсган. Ўтган йил умумий экспортнинг учдан бир қисми – 29,8 фоизи ИҲТ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келди.
Яна бир маълумот: ўтган йил товар айирбошлашда энг кўп улуш Қозоғистон (37,5 фоиз) ва Туркия (26,3)га тегишли бўлди. Кейинги ўринларни Қирғизистон (10,2), Туркманистон (7,5), Афғонистон (6,1), Тожикистон (5,5), Эрон (3,5), Покистон (1,9) ва Озарбайжон (1,5) эгаллади. Ўтган йил республикамизнинг ИҲТ давлатлари билан савдо айланмаси 1,13 триллион доллардан ошди.
Жорий йил 9 ойи кўрсаткичини кузатсак, ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганига гувоҳ бўламиз. Яна рақамларга мурожаат қиламиз: ҳисобот даврида ИҲТ доирасида товар айланмаси 9,2 миллиард долларни, аъзо мамлакатларнинг Ўзбекистон умумий товар айланмасидаги улуши 20,5 фоизни ташкил этди. Бунда экспорт миқдори 4,2 миллиард доллар, импорт эса 5,0 миллиард долларга тенг.
Қайд этиш керак, ИҲТ Жанубий Осиё, Марказий Осиё ва Яқин Шарқда савдо ва инвестиция имкониятини ривожлантириш йўлларини муҳокама қилиш учун майдон яратади. Тузилма доирасида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган қатор ҳужжатлар, жумладан, Эркин савдо, Транзит савдо, Транспорт ва транзит тўрғисидаги Ҳадли битим ишлаб чиқилади.