Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Боку шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов билан учрашув ўтказди.

Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасидаги сармоявий, савдо-иқтисодий ва саноат кооперацияси масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш вазифалари кўриб чиқилди. 2022-йил якунига кўра Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 53 фоизга, 2023 йилнинг январ-сентябрь ойларида эса 36,4 фоизга ўсган. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма ишларни фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция компанияси фаолиятининг амалий масалалари муҳокама қилинди. Жамғарма ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган истиқболли инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтириш ва раҳбариятни муддатидан олдин тайинлаш бўйича келишувга эришилди.

Икки давлат ҳудудида сув тозалаш иншоотлари, туризм объектларини қуриш, металл буюмлар ва маиший техника, тиббий асбоб-ускуналар ва буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, тўқимачилик кластерини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши батафсил кўриб чиқилди. Лойиҳаларни амалга оширилишини тезлаштириш юзасидан якдил позициялар ва босқичма-босқич механизмлар ишлаб чиқилди.

Томонлар, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ва технологик ҳамкорликни, жумладан, инновацион ғоялар ва технологик ечимлар алмашинувини ривожлантиришда муҳим рол ўйнайдиган таҳлил марказларини яратиш режаларини олқишлади.

Учрашув якунида ҳамкорликни янада кенгайтиришга ўзаро содиқлик билдирилди ҳамда муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни жадал амалга ошириш бўйича аниқ режалар ва масъул раҳбарлар белгилаб олинди.



Fikr bildirish