Тошкентда “Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг Преференциялар бош тизими плюс (“GSP+”) имкониятларини кенгайтириш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди

22 ноябрь куни Европа Иттифоқи Преференциялар бош тизими Плус (“ГСП+”)нинг бошқа бенефициар мамлакатлар қаторида Ўзбекистон учун амалдаги муддатини кейинги тўрт йилга, 2027-йил 31-декабргача узайтиришга қарор қилди.

Бу ҳақида 2023 йилнинг 23 ноябрь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси томонидан биргаликда “Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг Преференциялар бош тизими плюс (“ГСП+”) имкониятларини кенгайтириш” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилинди.

Ушбу тадбирда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, вазирлик ва идоралар, хусусий сектор ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Матбуот анжумани очилишида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Элчиси Шарлотта Адриан қуйидагиларни таъкидлади:

“ГСП+” Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлиги тарихининг ҳақиқий муваффақият зарварағига айланиб бораётганини кўришдан мамнунман. Бу мамлакатингиздаги хусусий секторга катта туртки бўлиб, 448 миллион истеъмолчига эга Европа бозорларига киришни осонлаштиради, Европа ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни рағбатлантиради ва чегараларда сезиларли тежашларга олиб келади.

Сиёсий нуқтаи назардан, “ГСП+” БМТнинг 27 та конвенциясини амалга ошириш орқали инсон ва меҳнат ҳуқуқлари, самарали бошқарув ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида халқаро стандартларга эришиш бўйича Ўзбекистоннинг стратегиясини тўлиқ мос келади.

“ГСП+” муддатини узайтириш хусусий сектор учун ишларини яна-да самарали режалаштириш имконини беради ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлаш бўйича содиқлигининг қўшимча белгиси ҳисобланади”.

Шунингдек, ушрашув давомида Ўзбекистон Рсепубликаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов ҳам сўзга чиқиб, қуйидагиларни айтиб ўтди:

“Европа Иттифоқи Ўзбекистонга “ГСП+” бенефициар мамлакати мақомини бериши ва ушбу имтиёзлар муддатини узайтириш бўйича қабул қилган қарори бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёв раҳбарлигида мамлакатда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан давлат бошқаруви ва фуқаролик жамиятининг кучли институтларига эга демократик давлатни шакллантириш бўйича аниқ ўзгаришларнинг яққол халқаро эътирофидир.

“ГСП+” доирасидаги имтиёзлардан ижобий фойдаланиш билан бир қаторда биз келгусида ҳам ушбу механизм мониторинги жараёнларида Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш ва тегишли халқаро конвенциялар талабларини амалга оширишда бирга ишлашга тайёрлигимизни билдирамиз.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи билан “ГСП+” доирасидаги ҳамкорлигимиз мамлакатимизда бозор иқтисодиётини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотларни яна-да кенгайтириш мақсадида европа томони билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларимизни яна-да кенгайтиришда сезиларли туртки бўлишидан манфаатдормиз”.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси маслаҳатчиси Шаҳзода Қучқорова ва “Ўзелтехсаноат” уюшмаси раиси маслаҳатчиси Бектемир Муродов томонидан “ГСП+” доирасида тақдим этилаётган имтиёзларнинг мамлакатнинг юксак салоҳиятга эга бўлган тўқимачилик ва электротехника саноатларидаги аҳамияти алоҳида эътироф этилди.

Таъкидлаш жоиз, Европа Иттифоқи билан савдо муносабатларини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг экспорт географиясини кенгайтириш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида, 2022 йил якуни ҳолатига 628 та корхона томонидан (2021 йилнинг мос даврига нисбатан 116 та ортиқ) 647 млн. доллар миқдорида, яъни 2020 йилга нисбатан (292 млн. доллар) қарийб 2 баробардан ортиқ ҳажмдаги маҳаллий маҳсулотлар Европа бозорларига чиқарилган.

Жумладан, “ГСП+” доирасидаги имтиёзлар асосида тўқимачилик саноатида – 177,4 млн. долл. (2021 йилга нисбатан ўсиш – 126,4 фоиз), кимё саноатида – 138,3 млн. долл. (4,7 баробар), қишлоқ ҳўжалиги ва озиқ овқат саноатида – 19,7 млн. долл. (103 фоиз), электротехника саноатида – 9 млн. долл. (117 фоиз) миқдоридаги маҳсулотлар Европа бозорига экспорт қилинди.

2022 йилда “ГСП+” туфайли ўзбекистонлик экспортчилар 28 миллион еврога тенг импорт божларини тежаб қолишди. Бу Европа Иттифоқининг Ўзбекистон хусусий секторини ривожлантиришга қўшган катта ҳиссасидир. 2019 ва 2022 йиллар оралиғида бу кўрсаткич ўн баравардан кўпроқ ўсди.

Европа Иттифоқи “ГСП+” мониторинги Комиссиясининг бўлиб ўтган матбуот анжуманида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик, зўравонликка қарши курашиш, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни яхшилаш бўйича бир қатор қонун ҳужжатларини қабул қилиш орқали БМТ конвенцияларини амалга оширишда муҳим ютуқларга эришгани эътироф этилгани таъкидланди.

“ГСП+” имтиёзлар тизимининг бенефициар мақоми Ўзбекистон ва Европа бизнеси вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш имкониятини яратади.

Яна бир ижобий жиҳати – аҳоли фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатилаётганлиги, яъни савдо алоқаларининг чуқурлашиши мамлакатимизда ишбилармонликни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.



Fikr bildirish