- 27.11.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Янгиликлар

Пойтахтимизда “давлат ва бизнес” форматида ташкил этилган давра суҳбатида Япониянинг Россия ва янги мустақил давлатлар билан савдо бўйича РОТОБО уюшмасига аъзо йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди. Япония томонидан РОТОБО президенти Масами Иижима ва Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев раҳбарлигида ўтказилган тадбирда Ўзбекистоннинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Жорий қўшма лойиҳалар ва Ўзбекистон-Япония савдо-инвестиция ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш доирасида мамлакатимизда тадбиркорлар ва инвесторларни қўллаб-қувватлаш борасида имтиёз ва преференциялар амал қилаётгани таъкидланди. Жумладан, кичик бизнес соҳасида икки юздан ортиқ турдаги лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди, солиқларнинг умумий сони қисқартирилди, айримларининг ставкалари икки бараварга пасайтирилди. Учрашув давомида Ўзбекистонда япон тадбиркорлари дуч келаётган муаммолар ҳам кўтарилиб, уларни ҳал этиш механизмлари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар устувор тармоқларда ҳамкорликнинг янги йўналишлари тақдимотига алоҳида эътибор қаратдилар.
“Маълумки, Япония дунёда биринчилардан бўлиб 2050-йилгача углерод нейтраллигига эришишни мақсад қилган. У “яшил энергия” соҳасида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Гидроэлектр станциялар ва иссиқлик электр станцияларига муқобил қурилма яратиш келажакда энергия тақчиллигининг олдини олиш учун зарур чора-тадбирлардан биридир. 2026-йилгача Ўзбекистонда 5 ГВт қуёш энергияси ва 3 ГВт шамол энергиясини ўз ичига олган қўшимча энергия қувватларини яратиш режалаштирилмоқда. Япония компанияларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуёш ва шамол электр станцияларини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида қуриш бўйича тендерларда иштирок этишга таклиф қиламиз”, – дея таъкидлаб ўтди Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев давра суҳбати иштирокчиларига мурожаатида.


Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигининг бошқа муҳим йўналишлари қаторида тоғ-кон саноати, машинасозлик, фармацевтика, кимё ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги каби соҳалар ҳам белгилаб ўтилди.
ИТ ва инновациялар соҳасида Япониянинг энг яхши кибер, био ва нанотехнологияларини трансфер қилишга, шунингдек, Япония инновациялари ва илмий ишланмаларини Ўзбекистон инфратузилмаси ва кадрлар салоҳияти билан уйғунлаштиришга қизиқиш билдирилди.
Ўзбекистоннинг тармоқ вазирликлари ва идоралари раҳбарлари алоҳида маъруза ва таклифлар билан чиқишди. Улар билан биргаликда Япониянинг “ITOCHU Corporation”, “Sumitomo Corporation”, “Sojitz Corporation”, “Mitsubishi Corporation”, “Mitsui& Co., Ltd” компания раҳбарларига сўз берилди. Янги лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш чораларини кўришга ўзаро тайёрлик фикри билдирилди.

Ўзбекистон томони Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) орқали молиявий ва техник ёрдам кўрсатилаётганини қайд этган ҳолда, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг 2019-йил декабрь ойида Японияга ташрифи дўстона алоқаларни чуқурлаштириш ва фаоллаштириш йўлида муҳим туртки бўлганини алоҳида таъкидлади.

Тадбир якунлари бўйича томонлар икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва эришилган келишувларни сифатли амалга ошириш бўйича кейинги чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олдилар. Иштирокчилар мазкур тадбир Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги иқтисодий шерикликнинг янги ўсиш нуқталарини шакллантиришга ҳамда ўзаро ҳамкорликни сезиларли даражада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.