Сурхондарёнинг иқтисодий-инвестициявий ва туризм салоҳияти Япониянинг энг оммабоп онлайн нашрида намойиш этилади

Япония дунёнинг ривожланган, жаҳон иқтисодиётининг учинчи йирик давлати ҳисобланади. Ушбу мамлакат билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда туризм йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатимиз, хусусан, Сурхондарё учун ҳам муҳим. Шу боисдан ҳам япон инвесторлари ва туристларини жалб қилишда воҳамиз имкониятларини Японияда намойиш этиш жуда аҳамиятли ҳисобланади.

Куни-кеча Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов шу мақсадда вилоятимизга ташриф буюрган Япониянинг жаҳонга машҳур етакчи медиа компанияларидан бири бўлган “Japan Business Press” нашрининг мухбири Токуяма Асука ҳамда халқаро мухбирлар Зелимхан Багаев ва Мухмад-Эйли Осмаевларни қабул қилди.

Учрашувда Сурхондарёнинг иқтисодий-инвестициявий салоҳияти, туризм имкониятлари, япон туристларини қизиқтирадиган буддавийлик манзиллари, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш жараёнларини япон медиа оламининг нуфузли онлайн нашрида ёритиш масалалари муҳокама қилинди ҳамда воҳамизнинг бу борадаги имконият ва салоҳиятини Японияда таништириш бўйича ишларни биргаликда ташкил этишга келишиб олинди.

Бугун япон мухбирлари вилоятимизнинг қатор ҳудудларида бўлиб, тарихий жойлар, зиёратгоҳлар, ишлаб чиқариш корхоналари, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш жараёнлари, ижтимоий объектлар ҳамда воҳанинг ўзига хос гастрономик туризм манзиллари билан танишишмоқда.



Fikr bildirish