- 08.12.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Янгиликлар

Жорий йилнинг 6-декабрь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (ЎзДИФ) кўмагида Cитибанк (АҚШ) бир гуруҳ экспертлари томонидан маҳаллий мутахассисларнинг халқаро молия бозорларида ишлаш борасида малакасини ошириш бўйича тренинг ўтказилди.
Тренингда йирик компаниялар раҳбарлари, фонд бозори иштирокчилари, тегишли вазирлик, идоралар ва тижорат банклари вакиллари иштирок этди.

Семинар кун тартиби доирасида биржа савдоси соҳасида эндигина иш бошлаётган ва тажрибали иштирокчилари ҳам дуч келадиган асосий масалалар ҳақида сўз борди. Хусусан, қарз (ДCМ) ва акциядорлик (ЭCМ) воситаларининг эмиссиясини ташкил этиш, шу жумладан акцияларни фонд бозорига биринчи бор чиқариш, депозитар тилхатларини чет эл фонд биржаларида қимматли қоғозлар савдоси воситалари сифатида чиқариш (ДР), шунингдек қимматли қоғозлар эмиссиясининг ҳуқуқий хусусиятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Маълумот учун: Cитибанк 1812-йилда ташкил этилган энг йирик халқаро банк бўлиб, молиявий хизматлар соҳасидаги йирик халқаро корпорация – Cитигрупнинг бўлинмаси ҳисобланади. 2007-йил март ойидан бошлаб у холдинглар орасида АҚШнинг энг йирик банки сифатида тан олинган. Дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритади.
Тренинг жорий йилнинг сентябрь ойида Америка Қўшма Штатларига олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишувлар ижроси доирасида ташкил этилди. Ташриф доирасида Cитибанк вакиллари билан ўтказилган ишчи учрашувларда банк-молия соҳасини ривожлантириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, қимматли қоғозларнинг фонд бозорида жозибадорлиги ва ликвидлигини оширишнинг самарали воситаларини жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистон капитал бозорига хорижий инвесторларни жалб қилиш юзасидан келишувларга эришилди.
Тренингда Cитибанк бошқарувчи директорлари, жумладан Кайҳан Копмаз ва Армин Линдтнер сўзга чиқди ва иштирокчилар билан халқаро молия бозорларида ишлашнинг инновацион усуллари билан ўртоқлашди.