Европа Иттифоқи Элчиси Шарлотта Адриан билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Элчиси Шарлотта Адриан билан учрашди. Томонлар асосий эътиборни икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, 2024-йилга мўлжалланган тадбирлар жадвалини кўриб чиқишга қаратдилар.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги иқтисодий шерикликнинг ижобий динамикаси қайд этилди. Хусусан, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сонининг ортиши кузатилмоқда. Сармоявий шериклик, саноат кооперацияси ва транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни рағбатлантиришга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Маҳаллий экспортчилар томонидан “GSP+” бенефициар-мамлакати мақомидан самарали фойдаланиш бўйича фаол ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЖСТга жадал киришига кўмаклашиш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунлари бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг барча муҳокама қилинган йўналишлари бўйича муносабатларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга содиқлик билдирилди.

Маълумот учун: 2023-йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,8 миллиард долларни (+36 фоиз) ташкил этди. Мамлакатимиз “GSP+” бенефисиар мақомини олгани туфайли 2021-йилдан буён Европа Иттифоқига экспорт ҳажми 1,5 баробар ошди, ўзбекистонлик экспортёрлар импорт божлари бўйича 28 миллион еврони тежаб қолишга муваффақ бўлди.



Fikr bildirish