- 26.12.2023
- Posted by: Timur Abdugaffarov
- Category: Янгиликлар

Жорий йилнинг 25 декабрь куни Тошкент шаҳрида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев вазирлик раҳбарияти билан мамлакатимиз ёш инвесторлари ва тадбиркорлари ўртасида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларини жалб этиш агентлиги томонидан ташкил этилган тадбирда вазирлик, агентлик масъул ходимлари ҳамда 500 дан ортиқ мамлакатимиз ёш авлодининг вакиллари – муваффақиятли инвестор ва ишбилармонлар иштирок этди.
Хуррам Тешабаев йиғилганларга табрик сўзи билан мурожаат қилар экан, ёшларни тадбиркорлик ва сармоявий фаолиятга кенг жалб этиш муҳимлигини ва Ўзбекистонда ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида яратилаётган қатор имкониятларни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Бугунги кунда ёш тадбиркор ва инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ишлаб чиқарувчилар учун имтиёзли ёшлар саноат-тадбиркорлик зоналари ташкил этилди, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, тадқиқотлар олиб бориш ва стартап-лойиҳалар соҳаларида ёшларнинг инвестиция лойиҳалари ва тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишни бевосита қўллаб-қувватловчи Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Яъни, ёш тадбиркорлар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш учун инфратузилмавий ривожланган ҳудуд олиш орқали ҳам, ташқи бозорда талаб юқори бўлган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун молиявий кўмак олиш орқали ҳам қўллаб-қувватланиши мумкин. Бугунги кунга қадар 700 га яқин ёшлар лойиҳалари, жумладан, 150 га яқин лойиҳаларни Ёшлар саноат зоналарида амалга ошириш учун жамғарма маблағлари ажратилди.
Очиқ мулоқот давомида ёшларнинг бир қанча муваффақиятли йирик лойиҳалари мотивацион мисол сифатида келтирилди. Амалга оширилган ушбу инвестиция лойиҳалари ички бозорда, жумладан, сифатли маҳсулотларнинг нуфузли экспортчилари сифатида ишончли ўринларни эгаллаб турибди.
Давра суҳбати иштирокчиларининг фикрича, муваффақиятли тажриба алмашиш ёшларга истиқболни кенгайтириш, янги йўналишларни ва келгусидаги ривожланиш режаларини белгилаш имконини берди.
Тадбир савол-жавоб билан якунланиб, унда ёш инвесторлар ва тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича батафсил маълумотлар олиш, ўзларини қизиқтирган саволларни ўртага ташлаш, истиқболли ғоялар билан ўртоқлашиш имконига эга бўлди. Кўтарилган муаммоларни бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш, ёшларнинг қизиқарли инновацион таклифларини тегишли “Йўл хариталари”га киритиш юзасидан масъул раҳбарларга манзилли топшириқлар берилди.
Маълумот учун: Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стартап-лойиҳалари танловида ғолиб бўлган 26 та лойиҳага 21,5 миллиард сўм грант маблағлари ажратилди, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги лойиҳаларни молиялаштириш учун, шу жумладан, “Саноат ипотекаси” асосида ишлаб чиқариш объектлари биноларини сотиб олиш учун 40 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтириш режалаштирилган.
