Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, Сурхондарё вилоятида инвестицияларни жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ва тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Исроил Адҳамов раҳбарлигида шаҳар ва туман ҳокимлари, иқтисодий комплекс ташкилотлари мутасаддилари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
Йиғилишда инвестиция ва экспорт соҳасидаги мавжуд кўрсаткичлар таҳлил қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Вилоятнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, қулай иқтисодий муҳит яратиш чора-тадбирлари белгиланди.
Шунингдек, тадбиркорлар билан мулоқотда лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалари, янги ташаббус ва таклифлари тингланиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш юзасидан мутасаддиларга вазифалар топширилди.
Йиғилиш давомида иқтисодий комплекс ташкилотлари масъул раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ҳисоботлари тингланиб, белгиланган режаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши бўйича аниқ вазифалар юклатилди. Ушбу чора-тадбирлар вилоят иқтисодиётининг янада ривожланиши, аҳоли фаровонлигининг ошиши ва янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.